WWW.SHOV-SHUV.UZ - birinchi & exclusive 
        WWW.SHOV-SHUV.UZ - 10 YOSH!!! YAQIN...JUDA YAQIN!!!
        
YANGILIKLAR

“НИҲОЛ-2010”. 114 НАФАР...ЯНА 12 ТА! 15.08.2010 18:52

НИҲОЛ-2010. МИЛЛИЙ САНЪАТ НИҲОЛЛАРИН УНДИРГАН ТАНЛОВ!

***

“АВВАЛО БОШИНГДА ВАТАН БЎЛСИН!”

“Ниҳол” мукофоти Президентимизнинг тавсияси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил, 25 августдаги “Ёш истеъдодлар учун “Ниҳол” мукофотини таъсис этиш тўғрисида”ги Қарорига асосан бундан ўн йил муқаддам ташкил этилиб, ўша йиллардаги энг истеъдодли ёшлардан бир нечтасини мукофотлаган эди. Ўтган йиллар давомида 114 киши Ватанимизнинг шундай юксак мукфотига сазавор бўлди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ўн олти нафар ёш истеъдод эгаси ижод йўлидаги тинимсиз изланишлари, мамлакатимиз раҳбари ва ҳукуматимизнинг ўзларига билдирган юксак ишончини оқлаб, ўзбек санъатини юксалтириш йўлидаги хизматлари учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист деган шарафли унвонга сазовор бўлди: Севара Назархонова, Иззат Ибрагимов, Тоҳир Содиқов, Абдулазиз Каримов, “Сетора” гуруҳи, Нилуфар Саитова, Дилфуза Раҳимова, Гулшод Абдиева, Райҳон Ғаниева, Самандар Ҳамроқулов, Дилнура Мирзақулова, Гулсанам Мамазоитова, Дилноза Исмияминова, Санжар Раҳимов.

Яна икки нафар “Ниҳол” мукофоти совриндори: Махсетбой Отамуродов ҳамда Дилфуза Бекимбетова эса Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист унвонини олишга мушарраф бўлди.

2006 йилдан буён эса “Ниҳол” мукофотига номзод кўрсатиш ва улар ичидан энг муносибларини танлаб олиш мақсадида танлов жараёни уч босқичли тизимда ўтказилмоқда. Бундан кўзланган мақсад республикамизнинг чекка ҳудудларида яшаб ижод қилаётган истеъдод эгаларининг меҳнат самарасини кенг жамоатчилик ҳукмига ҳавола этиш, уларнинг ижодини тарғиб қилишдир.

Саралаш босқичи тадбирларига тайёргарлик ҳар йили январ ойидан бошланади. Бу борада мутасадди бўлган Ўзбекистон Республикаси Маданият ва Спорт ишлари вазирлигининг Ижодкор ёшлар билан ишлаш бошқармаси томонидан муайян чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади. Режа асосида Ниҳол мукофоти Республика кенгаши аъзоларининг ўзлари бириктирилган ҳудудларга бориб, таълим муассасалари маданият уйлари ва бошқа маданий-маърифий муассасаларда ёш ижодкорлар билан учрашув ўтказадилар. Зарур тавсия ва йўл-йўриқлар кўрсатишади.

Хусусан, жорий йилнинг 15апрел-15 май кунлари Ниҳол мукофотининг биринчи туман-шаҳар босқичи ўтказилди. Бу босқичда мамлакатимиз ёшлари ўртасида эстрада ва мумтоз қўшиқ ижрочилиги йўналиши шиддат билан ривожланатёгани маълум бўлди. Жумладан, эстрада йўналишида кейинги босқичга ўтиши учун 1 ўринга Қорақалпоғистон республикасининг Нукус шаҳрида 22 нафар, Амударё туманида 21 нафар, Андижон вилоятининг Андижон шаҳри ва Булоқбоши туманида 24 нафардан, Бухоро вилоятининг Бухоро шаҳридан 29 нафар, Наманган вилоятининг Наманган шаҳридан 29 нафар, мумтоз қўшиқ йўналиши бўйича Фарғона вилоятининг Бувайда туманида 32 нафар номзод даъвогарлик қилишди.

15 майдан бошланган иккинчи вилоятлар саралаш босқичлари Республика кенгаши аъзоларидан бириктирилган вакиллар ва вазирлик аппарати ходимлари кузатуви остида кенг жамоатчилик ва нуфузли ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан баҳоланиб борилди.

Жорий йил “Ниҳол” мукофоти саралаш босқичларида 10 000 га яқин истеъдодли ёшлар иштирок этди. Улар орасидан сараланиб олинган 1061 нафар ёш санъаткорлар Республика босқичида қатнашиш учун ўз омадларини сирнаб кўрди. Қорақалпоғистон республикаси, Тошкент шаҳри ва Республикамиз вилоятларида иш олиб борган танлов ҳайъати аъзолари Республика босқичида иштирок этиш учун Республика кенгашига жами 87 нафар ёш ижодкорнинг ҳужжатларини тақдим этди. Сараланган номзодлардан 12 нафари ушбу нуфузли мукофотга сазовор бўлди.

14 август куни “Истиқлол” санъат саройида янги “Ниҳол”лар тақдирланди. Мусиқий кеча ҳақида батафсил қуйида танишасиз.

Бу йил саҳна декорацияга ҳар йилгидан-да ўзгача тусда эътибор қаратилган. Шундоққина табиат қўйнидан узиб олинган гуллар саҳнага ажойиб тароват улашган. Саҳнанинг орқасида мусиқага мос равишда жилоланиб турувчи чироқлар эса мусиқий ноталарни акс эттиради.

Энг асосийси, ифтор вақтини ҳам ўйлаган ҳолда концерт дастури вақтининг қисқа ва қизиқарли равишда саҳналаштирилгани бўлди. Бу борада концерт режиссёри Рустам Шамситдиновнинг хизматлари таҳсинга арзигулик. Тақдирлаш маросимининг бадиий савиясини яратишда миллий қадриятларимиз, миллий маданий омилларимизга суянилгани қалбларимизда фахр ҳиссини уйғотди.

“Ниҳол-2010” ғолибларини тақдирлаш ва мусиқий қутлов ҳар галгидек санъатимизнинг кеча ва бугунги ёрқин намоёндаларидан бўлди. Жумладан, Ғуломжон Ёқубов, Исмоил Жалилов, Муножот Йўлчиева, Зулайҳо Бойхонова, Маҳмуд Намозов, Абдулла Шомағрупов, Озодбек Назарбеков, Сардор Раҳимхон кабиларнинг қўшиқлари кайфиятга кўтаринкилик улашди.

 

“НИҲОЛ-2010” МУКОФОТИ СОВРИНДОРЛАРИНИНГ МУФАССАЛ РЎЙХАТИНИ (йўналиши ва ҳудуди бўйича)ЭЪТИБОРИНГИЗГА ҲАВОЛА ЭТАМИЗ:

1.Махаматдинова Лола Махаматдиновна- Мумтоз қўшиқ (халфа), Қорақалпоғистон Республикаси.

2.Пиязов Жанибек Буркит-улы- Мумтоз қўшиқ (бахши), Қорақалпоғистон Республикаси.

3.Нурматова Рўзихон Ўрмон қизи- Мумтоз қўшиқ, Андижон вилояти.

4.Турдиева Юлдуз Чориевна-Мумтоз қўшиқ, Бухоро вилояти.

5.Эгамбердиева Малика Бахтиёровна-Эстрада санъати, Наманган вилояти.

6.Шорахметова Нигина Аманбаевна-Рақс санъати, Тошкент вилояти.

7.Мусаева Мадинабону Баҳриддин қизи (Мадина Мумтоз)-Эстрада санъати, Тошкент шаҳри.

8.”Дурдона” гуруҳи-Эстрада санъати, Тошкент шаҳри.

9.Болтабоева Маъсумахон Носировна-Опера ижрочилиги, Тошкент шаҳри.

10.Исматуллаева Барнохон Одилжон қизи-Опера ижрочилиги, Тошкент шаҳри.

11.Маматқулова Сайёра Марифовна-Мумтоз қўшиқ, Фарғона вилояти.

12.Артиқова Дилноза Илҳомбаевна-Рақс санъати, Хоразм вилояти.  

 КИЧИК ФАКТЛАР:

1.Бошловчилик минбарида Самандар Ҳамроқулов намоён бўлди ва вазифасини аъло даражада уддалади.

2.Мадина Мумтоз Самандар билан биргаликда Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик тантанасида куйлаган дуэтини маҳорат билан ижро этди.

3.Дастурда деярли барча қўшиқлар фонограммада янгради. Кейинги йилларда жонли ижрога ҳам алоҳида эътибор қаратишса, нур устига аъло нур бўларди. (Пианиночи қиз бармоқларини ростдан чалишга тайёрлаб, томошабинларни ишонтиргандек бўлганди, афсус, бир неча сонияларга кечиккан фонограмма ҳаммасини пучга чиқарди!)

4.Зулайҳо Бойхонованинг либоси ва соч турмагини кўрганлар уни ҳаддан зиёд “эркаланган” деса, Ғуломжон Ёқубовни эса “ҳамиша ўз услубида ва ҳеч қаримайди” дея қўшиб қўйишди.

5.Одамлар орасида гап бошланди: “Нега Гулсанам Мамзоитова кўринмади?”. Ҳақиқатан ҳам, нега Мамазоитова кўринмади? Бу савол ҳозирча ёпиқ қолади!

 

ЯНГИ “НИҲОЛ”ЛАР ОРАСИДАГИ АСЛ ИСТЕЪДОДЛАР...

ЮЛДУЗ ТУРДИЕВА

Бухоро вилоятининг Жондор туманида 1985 йилда туғилган. Давлат Консерваториясининг “Анъанавий хонандалик” факультетини тамомлаган. Ҳозирда Ички Ишлар Вазирлиги Ансамблида фаолият юритади. 2009 йилда Озорбайжонда ўтказилган Халқаро Байналхалқ фестивалида 50дан ортиқ миллат вакиллари (хонандалари) орасида ўзбек мақомчилик санъати билан фахрли олий ўринни забт этган! Ўз санъати орқали дунёнинг 20 дан ортиқ, жумладан, Голландия, Бельгия, Франция, Швейцария, Малайзия, Хитой, Япония каби мамлакатларида ўтказилган турли мусиқий тадбирларда иштирок этган.

Юлдуз Турдиева: “Жаҳон саҳналарида куйлаганман. Ҳаяжон бўларди, бироқ бугунги каби эмас. Ўз ватанингда сенга бўлган эътиборни дунёда эришишим мумкин бўлган барча ютуқ ва совринларга ҳеч қачон алмашмайман! “Ниҳол” ижодимга янги ҳаёт бахш этди. Давлатимизнинг барча раҳбарларига ташаккур айтаман.”  

 

                                          МАЛИКА ЭГАМБЕРДИЕВА

Наманган вилоятининг Поп туманида 1990 йилда санъаткорлар оиласида туғилган. Тошкент шаҳридаги маданият коллежини тамомлаган. Ҳозирда Давлат Консерваториясининг 2-курс талабаси. Ўзбек эстрадасида беш йилдан бери ижод қилади. “Қалбимда Ватан мадҳи” кўрик-танловининг лауреати, “Ягонасан, муқаддас Ватан” кўрик-танловининг 3-ўрин соҳибаси. (Озодбек Назарбеков 1-ўрин, Гулсанам Мамазоитова 2-ўрин.)

Малика Эгамбердиева: “Хурсандчилигимнинг чеки йўқ. Ғолиба бўлишни хаёлимга ҳам келтирмагандим. Камтарона меҳнатимизни шундай улуғ мукофот билан сийлашгани мени ҳаётдаги энг бахтли қизга айлантирди!”

“ДУРДОНА” ГУРУҲИ

Гуруҳ аъзолари тўртта қиздан иборат: Азиза, Мира, Озода, Рушана. Гуруҳ 2009 йилда таркиб топган. Қўшиқ оламига кириб келганига ҳали у қадар кўп бўлмай, профессионал даражадаги ижоди билан кўплаб тенгқурлари орасида эътибор қозона олди. Мустақиллик ва Наврўз байрамларининг бош тантаналарида иштирок этган.

Азиза: “Уч ёшимдан санъатга кириб келганман. Катта саҳнага ҳам шу ёшимдан, Мустақиллик байрамида қўшиқ куйлаб чиққанман... Бугун  “Ниҳол” мукофоти ғолибалари қаторидаман!”

Озода: “Меҳнатларимиз самараси бу! Ҳаяжонимдан қулоғимга тақилган микрофон ҳам тушиб кетаверди! (кулади)”

Мира ва Рушона: “Хурсандчилигимизнинг чеки йўқ!”

       

                             

 

 МАДИНА МУМТОЗ

Тошкент шаҳрида 1990 йилда санъаткорлар оиласида таваллуд топган. Онаси, таниқли актриса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашевадан санъат сирларини, профессионал ижодкорликни ўрганган. Мадина ҳали ёш бўлишига қарамай, ўнга яқин фильмларда бош ва эпизодик ролларни талқин этган.

Мадина Мумтоз: “Мен гапиришга лолман...Ҳар доим “Ниҳол” мукофоти совриндорларини кўра туриб, ҳавас қилардим. Уларнинг йўлини беришини сўраб, яхши ният қилардим. Ниҳоят, шундай илҳомбахш ва бахтли онлар менга ҳам насиб этди. Бизнинг юртда ҳақиқий ижод қилган ёшлар ҳеч қачон эътибордан четда қолмайди. Халқим олдида ҳамиша таъзимдаман!” 

 

 Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, тинч юртга, фаравон ҳаёт измида яшаётган эл кўнглига шундай қувончли онлар, гўзал байрамлар ярашади. “Ниҳол” бу йил ўнинчи бора санъатимиз боғига асл ниҳолларни  экди. Энди то дарахт бўлиб, бақувват илдиз отиб, қуёш нурлари-ю  замин тупроғидан баҳра олиб униш уларнинг ўз ихтиёрига ҳам боғлиқ. Муҳими, уларга улашилган эзгулик ва мана шу юксак эътиборга садоқат ила ичилган онтни унутмаслик! Дарвоқе, концерт ниҳояланар экан, “Дурдона” ижросидаги бир таронани тинглаб, рост гап, этим жимирлади...Қизларнинг куйлашидан эмас, қўшиқ сўзлари кучли эди. “Аввало бошингда Ватанинг бўлсин!”...Ҳа, бошда Ватан бўлса, мусофир азобин тотмайсан...Сени ИНСОН дерлар! Барчамизнинг бошимизга гуркираётган Ватанимиз омон бўлсин! Бошимиздаги шу Ватан Боши, Юртбошимиз ҳам!

ЖАСУР ҲАМРОЕВ

ШОХРУХ ЗОКИРОВ

Фотосуратлар муаллифи: МИРСОДИҚ ҚОДИРОВ    



Hamma yangiliklar
FOTOGALEREYA
"GOLDEN GUEPARD"/AWARDS CEREMONY
SHOV-SHUV CHAT
Ism:
Matn:
smile.gif smile.gif smile.gif smile.gif smile.gif smile.gif smile.gif smile.gif smile.gif smile.gif

ARXIV 2004-2014 SHOV-SHUV.UZ free counters